К основному контенту

БОЛА ВА ДАРАХТ



Боғ аро бор эди  мевали дарахт,
У томон  болакай келарди ҳар вақт.
Дарахтга чиқар гоҳо мевасин еб,
Гоҳо ётар сояда , дам олай деб.
Дарахтнинг қувончи ошгани сари ,
Бола ҳам дарахтдан кетмасди нари.
Иккиси шўх-шодон, дилдан ўйнашар,
Ташвишларсиз яйраб-яшнаб қувнашар.
Шул зайилда ўтди вақт, ўтди ойлар,
Ўтди йил оқиб гўё жўшқин сойлар.
Кун сайин  бола камроқ келар бўлди,
Дарахтчи, унинг йўлин кутар бўлди.
Кутишлари узоқ бўлган, бир кунда,
Гўё қуёш чиқиб келгандай тонгда.
Наҳот ўшал бола  унга келарди,
Дарахтнинг мевасин шамол еларди.
Севинч ва шодлигин яшираолмай,
Таклиф қилди: “Ўйнайлик аввалгидай”.
Бу гаплардан болакай бўлиб хуноб,
Кескин туриб дарахтга  берди жавоб.
-Ўйнашга энди кичик боламасман,
Ўйинчоқдан бошқасин хохламасман.
Ҳаммада бор, менда йўқ  ўйнагани,
Ўйинчоқ олиш учун пул йўқ, қани?.
Хўрсиниб дарахт деди: Кечирасан,
Айтганларинг менда бўлмас  биласан.
Аммо менда мевалар бор уни ол,
Балки сотсанг пул бўлади, борақол.
Бу таклифга бола охир унади,
Мева териб бозор сари жўнади.
Шу кетганча келмай кетди анча вақт,
Термулганча яна кутарди дарахт.
Кутишлари узоқ бўлган бир кунда,
Гўё осмон, булут тарқар бир зумда.
Наҳот ўшал бола  унга келарди,
Дарахтнинг баргларин шамол еларди.
Бола энди йигит бўлган ҳушсуръат,
Бир келишган, тўкиб турарди савлат.
Дарахт чорлар: Кел ўйнаймиз, қани кел”
Йигит эса ўйнаш учун вақт йўқ дер.
- Оилам бор уларни боқмоқ керак,
Бошпанам йўқ, ҳали уй қурмоқ керак.
Елкада бор бор қанча юмуш, қанча иш,
Маслаҳат бер бошимдан кетсин ташвиш.
Яна нима деярди дарахт бечора:
- Меҳрим бору уйим йўқда, начора.
Тургин, шохларимдан қани кесиб ол,
Уйингни қуришга ишлат бемалол.
Хурсанд бўлиб йигит чопди шоҳларни,
Дарахт ичга ютди оғриқ, оҳларни.
Майлига шоҳлари кесиб боғланар,
Аммо йигит хурсанд бўлса шодланар.
Шу кетганча йигит қайтиб келмади,
Нега ундай бўлди, дарахт билмади.
Кутишлар уланар кунлар, ойларга,
Йиллар хам кетдику қайтмас жойларга.
Кутишлар чарчатган холсиз, бир кунда,
Сув юргандай гўё қақроқ бир қумда.
Нахот ўшал йигит унга келарди,
Дарахтнинг танасин шамол еларди.
Ўзида йўқ қувончдан тўлиб-тошиб,
Дарахт уни чорлади ўйинга шошиб.
-Не дейсан, ёшим бир жойга борди,
Бу хаётдан бошда сочим оқарди.
Танамда бор экан бу иссиқ жоним,
Денгизларга сузиб бориш армоним.
Йигит сўзларини дарахт ўйлади,
Уни чорлаб олиб аста сўйлади.
- Танамни кесиб ол кемангга ярар,
Бахтиёр бўлсанг сен вужудим яйрар.
Дарахт танасини у кесиб олди,
Ундан ажиб, катта кема ясалди.
Кема кетди жуда узоққа сузиб,
Дарахтнинг илдизи қолди кузатиб.
Кутишлар тугаган, умидсиз кунда,
Бир киши келарди хассада, тунда,
Наҳот ўшал одам унга келарди,
Дарахтнинг илдизин шамол еларди.
Недан гап бошласин армони кунлик
Ҳар сўзи оҳларга уланар, мунглик
- Афсус, энди менда мева қолмаган,
- Хечқиси йўқ, менхам тишсиз қолганман.
- Сен ўйнаб чиққани менда тана йўқ,
- Менда эса қувват, кўнглинг бўлсин тўқ.
- Қуриётган илдиз менда қолгани,
- Мақсадим жой керак ором олгани.
- Майли томиримда ётиб даминг ол,
Томирга ёнбошлаб ётди қари чол.
Дарахт томирига тегаркан боши,
Илдизларга томар унинг кўз ёши.
           *          *            *
Аслида бу дарахт ота-онадир,
Меҳри бизга мева, бизга танадир.
Улар сабаб бизлар бу дунёда бор,
Қадрига етмаган бўлар албат хор.
Пушаймон қилмасдан ҳали эрта вақт,
Уларни эзозла ҳадя этиб бахт.
Жаннатлар калити отанг ва она

Маҳкам тут этагин адабсиз бола

© Акбаржон Абдулмажид

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

Номинг ўчсин уруш! (шеър)

Қадамлар, қадамлар, холсиз қадамлар Ғанимнинг захридан титрайди тупроқ Наҳот инсон эмас золим одамлар Бағрида жасад бор онада титроқ Қуёши ботганлар келибоқ тонги Қирмизи кўзидан жаннатга қараб Кўйлакмас, кийганинг кафанми янги Бунчалар бўлмаса қисматинг қора Дунёга келиб сен неларни кўрдинг, Кўрганинг ғанимнинг ажал учоғи Кўзёшинг порохли тупроққа қординг Иситмас танангни онанг қучоғи Дунё кўз юммоқда бугунда сенга Гўёки ўгайсан одам наслига Боламни қайтаргин деяди менга Муштипар, тўймаган бола васлига Бирмами, Сурия ёки Фаластин Ироқу, афғону, уйғур недансан Мурғак жонингдами, дунёнинг қасди Руҳинг эркин бўлса, ўзинг бетансан Синовлар келябди оғир синовлар Кўз ёшинг қуриган, сас бермас ноланг Отангни, оғангни ғанимлар овлар Жасадинг кўтарган онанг-у холанг Фарёд ургин дунё йўқ сенга имкон! Мулзам бўлгин инсон субутинг билан Ошкор этсанг не наф , қўлларингда қон Яширсангда не наф, сукутинг билан Одамлар, одамлар, хиссиз о...

Қизиқарли маълумотлар - Фобиялар

ФОБИЯЛАР (Ким нимадан қўрқади?) Қондан...гемофобия. Танадаги ҳидлардан...осмофобия. Кўзлардан...омметафобия. Тананинг чап қисмидаги аъзолардан...левофобия. Тананинг ўнг қисмидаги аъзолардан...дестрофобия. Сочдан...хаэтофобия. Қўллардан...хирофобия. Тиззадан...генуфобия. Тишлардан...одонтофобия. Ажинлардан...ритифобия. Соч тўкилишидан...фалакрофобия. Ўлимдан...танатофобия. Қабристондан...койметрофобия Ўликлардан...некрофобия. Қабрлардан...плакофобия. Дарёлардан...потамофобия. Денгиз ва океандан...талассофобия. Жарликлардан...кремнофобия. Ёмғирдан...омрофобия. Соядан...сциопофобия. Қордан...хионофобия. Сувдан...гидрофобия. Шамолдан...анкрафобия. Баландликдан...акрофобия. Ўрмондан...гилофобия. Ўсимликлардан...ботанофобия. Дарахтлардан-дендрофобия. Қўзиқориндан...микофобия. Гуллардан...антрофобия. Турли ҳидлардан...ольфактофобия. Бировларнинг кузатишидан...скоптофобия Бахтсиз воқеадан...дистхифобия. Атом бомбаси портлашидан...атомосфобия. Радиация...

ВАҚТ (Шеър)

Ўтмиш ва келажак тақдир ўйини Бири иккинчисин қувар тинмайин Дақиқа, сония ўтар йўлини Хеч тўсиб бўлмайди кетиши тайин Дунёда хар онинг сенга омонат Унинг қадрин билиш оқилларга хос Ҳар топган онингга қилма хиёнат Шунда бу чохдан бўларсан ҳалос Фоний дунё кимга вафо қилибди Унга ошиқларни алдабла кетар Харчанд такрорланса билган билибди Билмаган мағшарда надомат чекар Бугун сен мағрурсан, шиоринг олға Ортга назар солмай илдам борарсан Манзилинг сўнгида учрасанг чўлга Аттанглаб бошингга уриб қоларсан Эй инсон шошмасдан тафаккур қилсанг Не учун яралмиш аслида инсон Яратган эгамга итоат билсанг Қилмоқлик сен учун берилган имкон Яратган эгамсан пойингда бошим Ибодатга лойиқ ўзинг ягона Авфингдан умидвор кўзимда ёшим Ҳидоятдан ўзинг қилма бегона 2013