Дунёни титратиб “Дод!”- дер забони
“Дод!” – дерди, кўзидан оқарди қони
Уч ёшга тўлмаган фарзандин кўмган
Азобдан онанинг чинқирар жони
Дод! – деди, ҳар ўғлин тупроққа қўйиб,
Қайтганда мажолсиз хаётдан тўйиб
Ўғлонлар кетганда уч ёшга тўлмай
Бағридан бир парча оларди ўйиб
Аввайлаб онага қарарди ҳамма,
Асрарди гардни ҳам юқмасин дея.
Табиблар меҳнатин самарасими,
Она ҳам шифола қайтарди гўё.
Отачи, турарди тўкмай кўз ёши,
Метинми шунчалар унинг бардоши.
Тик туриб ўтказган мусибатни ҳам,
Тик туриб кулфатга чидарди боши.
Ўнта ўғлини ҳам кафанга ўраб,
Йиғламай кузатди, тик туриб чидаб.
Ёрининг дардига елкадош бўлди,
Ўзин ўйламасдан бир унга қараб.
Бу тақдир нелардан беради синов,
Кимнинг душмани-дўст, кимнинг дўсти-ёв.
Ўн биринчи гулни бериб бағрига,
Қайтариб олдику уни ҳам дарров!
Шунда ҳам жим туриб ота боқади,
Онанинг қолмади сабри, тоқати.
- Қандайин отасан, парвойинг палак,
Мотомда жим турсанг кимга ёқади.
Йиғлади, эридан кўз ёши тилаб
Йиғлади, эрининг ёқасин силтаб
Эри ичга ютиб барча ғамларни
Ногаҳон тупроққа йиқилди қулаб...
Ўчмасин хеч кимнинг бевақт чироғи,
Кўрмасин хеч кимса фарзандин доғи.
Ғамларин ютиб у - бечора ота,
Жонин таслим қилди силтанган чоғи.
© Акбаржон Абдулмажид 10.10.2016й
Комментарии
Отправить комментарий