Луқмони Ҳакимнинг фарзанди ўзига номақбул дўстларни улфат билибди. Улар билан борди-келдини кўпайтириб бориши хар қандай ота сингари Луқмони Ҳакимнинг ҳам ғашини келтирибди. Бир куни у ўғлини чақиртириб:
— Болам, дўстни бўлгани яхши, аммо дўст танлашда адашиб қолма. Ҳозирги дўстларингни ҳулқи яхши эмас. Сенга ёмон таъсир кўрсатишлари мумкин, — деб насиҳат қилибди. Ўғли эса ўзига ишонч билан:
— Отажон, сиз менга кучли тарбия бергансиз, панд-насиҳатларингиз хар доим қулоғим остида туради, дўстларимнинг ёмон ҳулқлари менга асло таъсир кўрсатмайди, хавотир олманг, — деб чиқиб кетибди.
Шу аснода Луқмони Ҳаким боғдорчилик ишлари билан ўғлини ёрдамга чақирибди. Қараса, ўғли бутун олмаларни алоҳида, кам сонли бўлса-да, қурт тушган олмаларни алоҳида саватга жойлаяпти экан. Ҳаким ўғлига барча олмаларни бир савтга жойлайверишини тайинлаб, ўз ишини давом эттирибди.
Орадан бир қанча вақт ўтибди. Зарур бўлганда олмалар қўйилган жойга бориб қарашса, барча олмаларга қурт тушиб, бутуни кам қолган экан.
Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига эътироз билдириб:
— Отажон, олмаларни қўшиб теришимни буюрган эдингиз, қурт тушган бир-икки олмани деб бутун олмаларнинг ҳаммасини қуртга ем қилибмиз-ку, — дебди.
Ота эса бир жилмайиб қўйиб:
— Кўрдингми, болам, гарчи соғ-бутун олмалар қуртлаганларидан кўра кўпроқни ташкил қилган бўлса-да, қолганларини ҳам бузибди, уларга ҳам қурт тушибди. Сен қандай қилиб қалбига қурт тушган улфатларинг билан бир жойда кўп вақтга қоласану, улар орасидан соғлом қалб билан қайта оласан, — деб айтган экан.
Акбаржон Абдулмажид
Комментарии
Отправить комментарий