
Қани эди мен ҳам ортиқча вазнни йўқотиб шу одамдай озғин бўлсам - деб ўйлади пархез қилсада озимаётган киши.
Қани эди мен ҳам шу киши каби тўлишсам, басавлат бўсам - деб кўнглидан ўтказди қанча есада егани ўзига юқмаётган озғин одам.
Қани эди мен ҳам тансиқ таомлардан таомланиб қорнимни тўйдириб олсам- деб тамшаниб қўйди очликдан силласи қуриган инсон.
Қани эди мен ҳам ёшлик, йигитлик давримга қайтиб қолсам - деб кўнглидан ўтказди қария.
Қани эди мен ҳам озод бўлсам, эркин қушдай хоҳлаган томонимга учсам - деб маюсланди зиндон панжарасидан қарияга термулиб ўтирган маҳбус.
Қани эди кўп қатори менинг ҳам кўзларим кўра бошласа, ёруғ жахонни бир бор кўрсам эди - деб орзу қилди кўзи ожиз банда.
Қани эди бу азоблардан қутилсам, кўзим кўрмай қолса ҳам майли эди, фақат шу азоблардан қутилсам бўлди эди, ҳеч бўлмаса жонимни ол! - деб нола қилди хасталик билан курашаётган оғир бемор.
Шу вақт қабристон томондан ҳайқириқ эшитилди: Қани эди ...! Қани эди...! Қани эди бир бора, атига бир кунга, майли бир муддатга тириклар оламига қайтсам, яхшилар сафига қўшилиш учун имконим бўлса, савоб амаллар қилиб қолсам эди!!!
© Акбаржон Абдулмажид
Комментарии
Отправить комментарий